Душанбедан 45 километр шарқда, Помир тоғ ён-бағирларида жойлашган ҳарбий полигонда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва Хитой жамоат хавфсизлиги вазирлиги элит бўлинмалари иштирокида ҳарбийлаштирилган машғулотлар бўлиб ўтади. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
«Ҳарбийлаштирилган машғулотларда ҳар икки томондан 250га яқин жангчилар, шунингдек, зирҳли техник иштирок этади», - дейди Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода. Илк бор ўтказилаётган мазкур ўқув машқлари Афғонистондан Тожикистонга бўлиши мумкин бўлган таҳдидлар олдини олиш мақсадида ўтказилмоқда.
Раҳимзоданинг маълум қилишича, хитойлик ҳамкасблар Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига сезиларли моддий-техник кўмак кўрсатмоқда, хусусан, Хитой томони Тожикистон милиция бўлинмалари учун махсус либослар етказиб берди.
Маълумот учун, асосан 4000 метрдан юқори баландликда, мураккаб тоғ шароитлардан ўтувчи Тожикистон ва Хитой ўртасидаги давлат чегараси 500 километрга тенг бўлиб, 2004 йилгача уни Россия чегарачилари қўриқлаб келган.