Москванинг «Локомотив» футбол клуби ҳимоячиси, ўзбекистонлик Виталий Денисов жамоа мухлисларига миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда Stadion.uz хабар бермоқда.
Футбол бўйича Россия чемпионатининг 29-туридан ўрин олган «Кубан»га қарши учрашувдан сўнг (1:1) ўз фикрлари билан ўртоқлашаркан, Денисов жумладан шундай деди: «Ўйинда вазиятларимиз кўп бўлди, аммо омадимиз келмади. 2-тайм бошида ташаббусни қўлга олдик ва Няссенинг четлатилишидан сўнг ҳам руҳимиз чўкмади. Чорлука тажовузкорроқ ўйнаш учун жамоани олдинга бошлади».
Денисов, шунингдек, мавсум якунига етаётганига ҳам эътиборни қаратди: «Мухлисларга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Мавсум тугаяпти. Сабрларни жамлаб, визаларни расмийлаштириб, Европа лигасини кутамиз».
Эслатиб ўтамиз, Виталий Денисов футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг етакчи ҳимоячиларидан бири ҳисобланади.
Изоҳ (0)