Олма-Ота тумани клиник касалхонаси туғруқ бўлими ходимлари ташлаб кетилган чақалоқларни сотиб, пул ишлаётгани маълум бўлди, дея хабар бермоқда «Time.kz». Бундай маълумот Олма-Ота шаҳар ички ишлар бўлимига ўтган йилнинг кузидаёқ келиб тушган.
Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бу ҳақиқат эканлиги аниқланди. Жорий йил бошида ушбу «бизнес» ташкилотчилари бирин-кетин ҳибсга олинди. Сотувчилик билан уч аёл — туғруқхона ходималари шуғуллангани маълум бўлди.
Улардан ҳар бирининг ўз вазифаси бўлган: бири чақалоғидан воз кечмоқчи бўлган ҳомиладорларни топиб, болани давлатга эмас, уларга беришга кўндириб, эвазига пул таклиф қилган. Иккинчиси харидор топиб келган бўлса, учинчи аёл чақалоқ учун ҳужжат тайёрлаш билан шуғулланган.
Аёлларга нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг «Вояга етмаганларни сотиш» моддасига мувофиқ жиноий иш қўзғатилди.
Изоҳ (0)