Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида Паралимпияҳ 1998 йилдан буён анъанага айланган IBSA Жаҳон ўйинлари (IBSA World Games) бошланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Бешинчи бор ташкил этилган (2003 йилдан буён ҳар тўрт йилда бир ўтказилиб келинади) мазкур йирик мусобақада дунёнинг 60 давлатидан 6000 нафардан зиёд паралимпиячилар спортнинг 9 тури бўйича ғолиблик учун кураш олиб борадилар.
Ушбу нуфузли спорт мусобақада Ўзбекистон шарафини 15 нафар спортчимиз сузиш, энгил атлетика ва дзюдо спорт турлари бўйича бўлиб ўтадиган мусобақаларда ҳимоя қиладилар.
Эътиборлиси, Жаҳон ўйинларининг илк кунидаёқ мамлакатимиз спортчилари биттадан олтин, кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлиб, Ўзбекистонда паралимпия ҳаракати нечоғлик тараққий этиб бораётганлигини амалда яна бир бор исботладилар.
2014 йили Жанубий Кореянинг Инчхон шаҳрида ўтказилган Пара Осиё ўйинлари 3 бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган ҳамюртимиз Дмитрий Хорлин 200 метр масофага эркин усулда сузишда Жаҳон ўйинларининг олтин медалини ҳам ўз коллекциясига қўшиб қўйди.
Терма жамоамизнинг энг ёш спортчиларидан бири Муҳаммад Абдураимов 100 метр масофага батерфляй усулида сузишда кумуш, яна бир спортчимиз Шаҳзод Жуманиёзов эса 50 метрга брасс усулида сузишда бронза медалига сазовор бўлдилар. Сузиш мусобақалари яна тўрт кун давом этади.
12 майдан бошлаб, енгил атлетика ва дзюдочилар ҳам баҳсларга киришадилар.
Маълумот учун. IBSA Жаҳон ўйинлари (IBSA World Games) илк бор 1998 йилда Мадрид (Испания)да ўтказилган. Шундан сўнг, 2003 йил – Монреаль (Канада), 2007 йил – Сан-Паулу (Бразилия), 2011 йил – Анталя (Туркия)да ташкил этилган.
2011 йилда Анталяда бўлиб ўтган Жаҳон ўйинларида мамлакатимиз делегацияси аъзолари дзюдо кураши мусобақасида битта кумуш медалга сазовор бўлишган эди.
Изоҳ (0)