Таиланднинг Паттайя шаҳрида мактаб ўқувчилари ўртасида шахмат бўйича жаҳон чемпионати баҳслари давом этмоқда. Олтита ёш тоифасида ўтказилаётган дунё биринчилигида беш нафар ёш шахматчимиз ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказяпти, деб хабар берди Olamsport.
Кеча ўтказилган 6-турда ака-ука жаҳон чемпионлари – Жавоҳир ва Исломбек Синдаровлар муҳим очколарни бой беришди. 9 ёшлилар мусобақасида иштирок этаётган Исломбек оқ доналарда перулик Флорес Диего Саулни енга олмади. Партияда дуранг натижа қайд этилди. Жавоҳир эса 11 ёшли шахматчилар баҳсида оқ доналарда ўйнашига қарамай, кутилмаганда мўғулистонлик Тенгиз Цог-Очирга имкониятни бой бериб қўйди.
Етти ёшлилар мусобақасида ўз имкониятини синовдан ўтказаётган Акобирхон Сайдалиев ҳам мағлубиятни аламини тотиб кўрди. У оқ доналарда ўйнаб, ветнамлик Бао Жин Венга ютқазди. Бу ёш тоифасидаги яна бир вакилимиз Абдулбосит Шарифжонов эса ғалаба нашидасини сурди. Абдулбосит хитойлик Ли Йихаодан устун эканлигини исботлади.
Ўн уч ёшлилар баҳсида қатнашаётган Суҳробжон Аввалбоев ҳам бу турда мағлубиятга учради. У қора доналарда ҳаракат қилиб, хитойлик Чи Йига бир очкони тақдим этди.
Бугун ўтказиладиган 7-тур олдидан Исломбек Синдаров 4,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 7, Жавоҳир Синдаров ҳам 4 очко билан 7, Абдулбосит Шарифжонов 5 очко билан 3, Акобирхон Сайдалиев 4 очко билан 8, Суҳробжон Аввалбоев эса 3 очко билан 29-поғонани эгаллаб турибди.
Изоҳ (0)