Ўзбекистон Республикасини 2015 йилнинг I чорагида ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари эълон қилинди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётда ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 2,7 миллиард долларни ташкил қилди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 8,7 фоизга ўсди.
Инвестиция фаоллигининг юқори суръатлари қурилиш-монтаж ишларини ташкил этишни такомиллаштириш, пудратчи ташкилотларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга доир чора-тадбирлар билан бир қаторда қурилиш ишлари ҳажмини 18,9 фоиз ошириш имконини берди.
Ўзлаштирилган инвестициялар умумий ҳажмининг 660 миллион доллардан зиёди ёки 24,3 фоизини хорижий инвестициялар ва кредитлар (ўсиш 12,1 фоиз), жумладан, 580 миллион долларини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар (ўсиш 10 фоиз) ташкил қилди. Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан иқтисодиётнинг стратегик тармоқларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун ўзлаштирилган маблағлар ҳажми 5,6 фоиз ўсди ва 81,1 миллион долларни ташкил қилди.
Жорий йил бошидан буён ўзлаштирилган инвестициялар таркибида хўжалик субъектларининг ўз маблағлари қарийб катта улушни (умумий ҳажмнинг 36,3 фоизи) ташкил этди ва 2014 йилнинг шу даврига нисбатан бу кўрсаткич 28,3 фоиз кўпайди. Бу ишлаб чиқаришларни диверсификация қилиш ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича тармоқ дастурлари, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар ҳаётга фаол татбиқ этилаётгани самарасидир.
Умуман, жорий йил бошидан буён 2015 йилги Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 4,8 миллиард доллардан зиёд 53 янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурларни амалга ошириш доирасида 434 янги ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди. Жумладан, қурилиш материаллари саноатида 179, озиқ-овқат саноатида 141, тўқимачилик саноати ва тикувчилик соҳасида 99, мебель ва қоғоз саноатида 56, кимё ва нефть-кимё саноатида 37 ва бошқа тармоқларда лойиҳалар амалга оширилди.