АҚШ соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги спиртли ичимликлар ва наркотикларни суиистеъмол қилиш касбга боғлиқлигини аниқлади, дея хабар бермоқда The Mirror. Муассаса мутахассислари фикрича, энг кўп оғир жисмоний меҳнат ишчилари — кончилар ва қурувчилар ичкиликка ружу қўяди.
2008—2012 йилларда ўтказилган тадқиқотларда жамиятшунослар бир ойнинг беш ёки ундан ортиқ куни давомида беш порция ва ундан кўпроқ спиртли ичимлик қабул қилганларни текширган. Бунда бир порция — бир стакан пиво, бир қадаҳ вино ёки ўткир алкоголли ичимлик таркибидаги 14 грамм тоза спирт.
Энг кўп алкоголиклар оғир жисмоний меҳнат ишчилари орасида аниқланди. Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, кончиларнинг 17,5 фоизи, қурувчиларнинг 16,5 фоизи спиртли ичимликларни суиистеъмол қилади. Учинчи ўринни меҳмонхона ва ресторан бизнеси ходимлари эгаллади, улар наркотиклар қабул қилиш бўйича эса биринчи ўринни эгаллади.
Алкоголли ичимликлар ишқибозлари рейтингида энг сўнгги ўринларни таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари банд этди — уларнинг 5 фоизи спиртли ичимликларни суиистеъмол қилади.
Изоҳ (0)