АҚШнинг Флорида штатидаги Канаверал бурнидаги космодромдан Туркманистоннинг илк сунъий йўлдоши – «TürkmenÄlem 52°E» учирилди. Бу ҳақда 12news.uz хабар бермоқда.
Туркманистон буюртмасига асосан Франциянинг Thales Alenia Space компанияси томонидан ишлаб чиқарилган сунъий йўлдош Falcon 9 ракета-ташувчиси ёрдамида коинотга олиб чиқилди.
Ушбу воқеа муносабати билан Ашхобод шаҳри ва АҚШнинг SpaceX компанияси парвоз майдончаси ўртасида телекўприк ўрнатилди, унда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам иштирок этди.
Телекўприк давомида ракета-ташувчига ўрнатилган видеокамера орқали воқеа-ҳодисалар видеотасвири узатиб турилди. Ракета Ашхобод вақти билан 28 апрель, сешанба куни соат 4:03 дақиқа ўтганида ҳавога кўтарилди.
Парвозни амалга оширган SpaceX компанияси космик аппарат геоўтиш орбитасига муваффақиятли олиб чиқилгани ҳақида ҳисобот берди. Шунингдек, сунъий йўлдошдан сигнал олингани ва у берилган йўналиш бўйлаб муваффақиятли ҳаракатни давом эттираётгани маълум қилинди.
Кейинги бир неча кун давомида сунъий йўлдош геостационар орбитагача кўтарилиб, 52 даража шарқий кенгликда ўз орбитал нуқтасини банд этиши керак. Шундан сўнг сунъий йўлдош Туркманистоннинг Ахал вилоятида жойлашган Йўлдошни бошқариш марказидан туриб назорат қилиб турилади.
Туркманистоннинг миллий сунъий йўлдоши миллий телерадиокомпаниянинг теле- ва радиоканалларини трансляция қилиш, VSAT тармоқларини ташкил этиш, кенг полосали йўлдош интернети, масофавий таълим, масофавий тиббиёт хизматларини кўрсатиш, турли видеоконференцияларни ўтказишга имкон беради.
Туркманистон давлат ахборот агентлигининг қайд этишича, сунъий йўлдош антенналари Европа, Осиё, шунингдек, Яқин Шарқ ва Шимолий Африканинг ўнлаб мамлакатларини қамраб олади. Йўлдошнинг жойлашуви Туркманистонга Осиё ва Европа каналларини узатишда транзит мамлакат сифатида хизмат кўрсатиш имконини ҳам беради.
Изоҳ (0)