8 апрель куни эрталаб соат 08:30 да Тошкент – Ўш автомагистралининг Наманган вилояти Поп тумани ҳудудидан ўтган 183-километрида фожиали автоҳалокат юз берган эди. Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур автоҳалокат ҳақида батафсил маълумот берди, деб хабар беради «Даракчи» нашри.
Қайд этилганидек, автоҳалокат натижасида 11 киши ҳаётдан кўз юмди.
Мазкур машъум воқеа MAN юк автомобили ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетганлиги сабабли содир бўлган. 62 ёшли ҳайдовчи қарама-қарши йўлда 2 та Nexia енгил автомобили билан тўқнашиб кетган. Автомобилларнинг ҳар бирида ҳайдовчидан ташқари, 4 нафардан йўловчи бўлган. Ҳалокат енгил автомобиллардаги 10 кишининг ҳамда юк машинасидаги бир йўловчининг ҳаётига нуқта қўйган.
Ҳодисада фақат юк автомобили ҳайдовчиси тирик қолган. MAN ҳайдовчиси Поп тумани шифохонасига бош мия чайқалиши ва оёқ кафтининг очиқ синиши ташхиси билан жойлаштирилган. Ҳайдовчига нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддасига асосан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)