Сирдарё вилояти Сардоба шаҳарчасида яшовчи фуқаро нонуштадан сўнг, дарвозани очиб, Nexia’сини ҳайдаб чиқмоқчи бўлганида, машина ғилдираклари ўрнига ғишт тахлаб қўйилганини кўрди, деб хабар бермоқда «Постда» машри.
Бир кун аввал ичкиликка бой бўлган меҳмондорчиликнинг таъсирида бош оғриғи билан машинани нима қилишини билмай турган фуқаро олдига қўшниси келиб қолди. У фуқарога ички ишлар бўлимига боришни маслаҳат берди. Ғилдираклар сотиб олиши учун пул ҳам бериб туришини айтди. Фуқаро ИИБга бориб, бўлган воқеани айтиб берди, сўнг Гулистон шаҳридан машинасига ғилдираклар сотиб олди.
Эртасига Фарғонага тўйга кетиши олдидан қўшниси яна пайдо бўлиб, ғилдиракларнинг ўзи хунук турганини айтди ва уйидан тоза металлдан ясалган ялтироқ колпакларни олиб чиқиб берди. Колпакларни машинаси ғилдиракларига кийдириб олган фуқаро тўйга йўл олди. Бундан фойдаланган қўшниси эса Nexia’дан ўғринча ечиб олган ғилдираклар ва уларнинг колпакларини Тошкентга олиб бориб пуллади.
Тўйдан келибоқ фуқаро қўшнисига қарзини бериб, ҳисоб-китоб қилди. Натижада қўшни икки томондан пул ишлаб олган бўлди. Бироқ унинг хурсандчилиги узоққа бормади: ИИБ ходимлари олиб борган ҳаракатлар натижасида қўшни томонидан содир этилган жиноят фош этилди. Тергов жараёнида унинг аввалги жиноятлари ҳам ошкор этилди. У бундан аввал нафақат автомобиллар ғилдираги, балки велосипедларни ҳам ўғирлаб сотганини тан олди.
Изоҳ (0)