2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган ХXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг ташкилотчилари машъалани қай тарзда Бразилия шаҳарларидан олиб ўтиш режалаштирилганлигини эълон қилди, деб хабар беради «Stadion.uz».
Маълумотларга кўра, Олимпия машъаласи Бразилиянинг барча 26 штатидан олиб ўтилади ва 250 катта-кичик шаҳарларнинг аҳолиси ушбу байрамнинг бевосита шоҳиди бўлади. «Олимпиада ўйинларини ўтказиш ҳуқуқини қўлга киритганимизда ўйинлар орқали бутун давлат аҳолисини янада бирлаштиришни ваъда берган эдик. Машъалани бутун мамлакат бўйлаб олиб ўтишдан кўзланган мақсад ҳам биринчи навбатда берган ваъдамизнинг устидан чиқиш, қолаверса, миллионлаб юртдошларимизга байрам шукуҳини ҳис этиш имкониятини яратишдир», – деди Бразилия Миллий олимпия қўмитасининг президенти Карлос Нузман.
Машъалани олиб ўтиш бахтига муяссар бўлган жами 10 минг нафар инсон уч ой давомида 20 минг километр ерда ва 10 минг мил масофа ҳавода йўлни босиб ўтади. Машъала эстафетасининг якуний манзили ўйинларнинг очилиш маросими ўтказиладиган афсонавий «Маракана» стадиони бўлиб, Олимпия машъаласи бу ерга 2016 йилнинг 5 август санасида етиб келади. Машъалани олиб ўтадиганларнинг номлари жорий йилнинг охирида ташкилий қўмита томонидан эълон қилинади.
Изоҳ (0)