Япония терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувида 1:5 ҳисобида мағлубиятга учраган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов ўйиндан кейин фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
«Натижадан қониқмадим, албатта. Бугун биз ўз имкониятлармиздан паст даражада ўйнадик. Япония каби жамоага қарши ўйинда шунча хатога йўл қўйсанг — жазоланасан.
Учрашувнинг ўртоқлик аҳамиятини назарда тутиб, очиқ футбол кўрсатишга ҳаракат қилдик ва икки ҳужумчи билан ўйнадик. Аммо рақиб ҳужумда ҳам, ҳимояда ҳам ажойиб ўйин намойиш қилди. Айниқса, японларнинг тезкор қарши ҳужумларини алоҳида таъкидлаган бўлар эдим. Улар аниқ ва тезкор футбол намойиш этишди. Албатта, етакчи ўйинчиларимизнинг йўқлиги ҳам сезилди, аммо ўртоқлик учрашувлари айнан шу учун — захирадагиларни синаш учун ташкил қилинади.
Учрашув давомида рақиб дарвозаси олдида кўп вазиятлар яратдик, аммо улардан фойдалана олмадик. Натижада таблога шундай ҳисоб акс этди. Шунга қарамай, тушкунликка тушиш ва қўлларимизни туширмаслигимиз керак. Расмий ўйинларгача яхши тайёрланиб, хулосалар чиқариб олишимиз керак. Унгача яна бир назорат учрашуви ўтказамиз», − деди Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Миржалол Қосимов.
Изоҳ (0)