Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида халқ санъати бўйича бўлиб ўтган «Живой Родник» номли VI халқаро танловда Ўзбекистоннинг 15 нафар мусиқачиси муносиб иштирок этиб қайтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 21-22 март кунлари бўлиб ўтган мазкур халқаро танловда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган ёш ижрочилар ўзларининг маҳоратларини намойиш этди. Ундан кўзланган асосий мақсад болалар, ўсмирлар ва ёшлар орасида иқтидорларни эътироф этиш, уларни халқ санъатининг энг яхши намуналари билан таништириш ва миллий алоқаларни мустаҳкамлашдан иборатдир.
Танлов икки босқичда ташкил этилган бўлиб, ёш тоифасига қараб ўқувчилар 4 гуруҳга бўлинган ҳолда беллашди. Улар яккахон, фолклор этнографик жамоалар, академик хонандалик, вокал хорография, чолғучилик ва вокал чолғу ансамбллари, хор, фолклор жамоалар, ансамбл ва оркестрларга бўлинган ҳолда мусобақалашди.
Халқаро танлов натижаларига кўра, Ўзбекистон вакилларининг 10 нафари биринчи ўрин билан қайтди. Икки нафар иштирокчи эса жўрнавозлик йўналишида диплом билан тақдирланди.
Изоҳ (0)