Beeline мобил алоқа оператори Make Your Mark (Ўз изингни қолдир) глобал ижтимоий ташаббуси доирасида «Учинчи авлод» ташқи таълим дастурини бошламоқда. Бу ҳақда компания вакиллари 26 март куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
2015 йилда лойиҳа доирасида Beeline’нинг тижорат, техник, ахборот технологиялари, жамоатчилик билан ишлаш ва ташкилий ривожлантириш, юридик хизмат бўлимларига яхши академик натижаларга эга бўлган III ва IV курс талабалари амалиёт ўташ учун қабул қилинади.
Амалиёт натижалари бўйича энг муваффақиятли талабаларга олийгоҳдаги ўқиш билан келиштирилган ҳолда индивидуал иш тартиби, келажакда эса Beeline’да доимий иш ўрни таклиф қилинади. «Учинчи авлод» доирасида амалиёт ўташ 2015 йилнинг июнь−август ойларига режалаштирилган.
Дастурнинг саралаш босқичига Тошкентдаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети, Тошкент давлат юридик университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Ломоносов номидаги Москва давлат университетининг Тошкент филиали талабалари таклиф этилди.
Шу пайтгача Beeline’да амалиёт ўтаган 80 талабадан 27 нафари ишга қабул қилинган бўлиб, уларнинг катта қисми Тошкент ахборот технологиялари университети битирувчиларидир. Бу йилги амалиётдан 16 нафар янги ходимни ишга олиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)