Мураббий Убиражара Вега Да Сильва «Пахтакор» ва Ўзбекистон МТЖ бошқарувида фаолият юритганда кўпчиликнинг меҳрини қозонган. Ўз вақтида бразилиялик мураббийлар ва ўйинчилар ўзбек футболига анча шиддат олиб кира олган эди, деб хабар беради «Uff.uz».
Савол: «Бунёдкор» ва «Локомотив» ОЧЛда учта ўйин ўтказиб, биргина очко билан қолмоқда. Бу жамоалар гуруҳдан чиқиши мумкинми?
Жавоб: Жамоалар жуда оғир ҳолатда қолган. Аммо математик жиҳатдан олсак ҳам, уларда гуруҳдан чиқиш учун имконият бор. Ҳозир бу жамоалар бир мақсад йўлида бирлашиб, янада кўпроқ ишлаши лозим. Яна бир нарса борки, бу ҳам ўзбек клубларига қўл келиши мумкин. Энди улар рақибларга қарши қандай ўйнаш кераклигини яхши билади.
Савол: Ўзбек футболида бир хил ўйин ва стандарт ўйин услуби сақланиб қолаётгандек. Бу эса рақибларга жамоаларимиз ўйинини ўрганишда қўл келмоқда. Нима деб ўйлайсиз, бизга нима етишмаяпти?
Жавоб: Мен ҳар бир мураббий ўзининг аниқ ва тажрибадан ўтган ўйин услубига эга бўлиши лозим, деб ўйлайман. Шу билан бирга рақиб учун кутилмаган ўйин намойиш этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мен мураббийларда ҳурмат қиладиган жиҳат – ўйин вақтида захира имкониятлардан фойдаланмасдан, асосий таркибда майдонга тушган 11 футболчи ёрдамида тактикани ўзгартира олишдир. Шу билан бирга ҳужумкор футболга урғу бериш лозим, деб ўйлайман.
Яхши тактика танлаш учун жамоани тўғри шакллантиришга эътибор бериш керак. Мураббий ўз услубига мос келадиган футболчиларга эга бўлиши лозим. Бу ўринда футболчиларнинг савияси қай даражада баланд бўлса, кучли жамоа шакллантириш шунчалик осон бўлади. Агарда жамоангизда юқори иқтидор эгалари бўлмаса ҳам, ўз ишига садоқат билан муносабатда бўладиган ва жамоаси учун бор кучини ташлайдиган футболчилар бўлса, рақибни мағлуб этиш мумкин. Аммо бу ғалабага сабаб бўладиган асосий омил бўла олмайди. Нима бўлган тақдирда ҳам, футболчиларнинг техник кўрсаткичи, мураббийлар штаби маҳорати, мақсад ва барчанинг яхлит бир куч бўлиб бирлашиши муҳимроқ. Айнан мана шу жиҳатлар ғалабага олиб келади.
Савол: Ўзбекистонга қайтиш ҳақида ўйлаяпсизми?
Жавоб: Мен Ўзбекистонни жуда яхши кўраман. Бу мамлакатда бўлганимда «Пахтакор» клуби ва Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқардим. Фаолиятим давомида клуб ва терма жамоада баъзи мақсадларимга ета олдим. Ҳозирда ОЧЛда иштирок этаётган барча клублар ўз мураббийига эга. Аммо Ўзбекистондан таклиф бўлса, бажонидил уни кўриб чиқаман. Мен ҳар доим музокаралар учун очиқман ва ўзбек футболига ёрдам беришни истайман. Шунингдек 2018 йилги жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда ҳам қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман.
Савол: Ўзбекистонда мана 5 йилдирки бразилиялик футболчилар ўйнамаяпти. Улар ёрқин ўйин намойиш қиларди ва мухлислар стадионга келарди. Агар Ўзбекистонга қайцангиз, ўзингиз билан баъзи футболчиларни олиб келишингиз мумкинми?
Жавоб: Менга ўзбек футболчилари жуда ёқади. Мен Ўзбекистонда ишлаганимда Шквирин, Қосимов, Акопянс, Абдураимов ва Бугало каби футболчилар билан бирга ишлаганман. Уларнинг барчаси жуда иқтидорли эди. Агар клублар Бразилиядан футболчи таклиф этишга қодир бўлса, бу албатта жуда яхши бўларди. Чунки бразилиялик футболчилар ўз ўйини билан мухлисларни стадионга чорлай олиш маҳоратига эга.
Изоҳ (0)