Махфийликка иштиёқи билан таниқли бўлган Apple ABC News телеканали журналистларини ўта махфий лабораторияга эксклюзив равишда таклиф қилди, дея хабар бермоқда «Российская газета». Суратга олиш гуруҳининг ташрифи чоғида компания ходимлари Apple Watch «ақлли» соатини ишлаб чиқишда зарур бўлган синовлардан ўтди.
Телеканал сайтида аниқлик киритилишича, муҳандислар, менежерлар, ишлаб чиқувчилар ўтган йил давомида спортзал-лабораторияга ихтиёрий ва мутлақо махфий равишда келиб-кетган. Улар академик эшкак эшиш ҳаракатларига тақлид қилган, йўлакчаларда югурган, йога ва фитнеснинг бошқа турлари билан шуғулланган — буларнинг барчаси гаджет учун маълумот йиғиш мақсадида амалга оширилган.
Ҳар бир ходим спорт билан машғул бўлган чоғида нафас олиш тезлигини ўлчайдиган махсус ниқоб кийиб, кўплаб сенсорларни тақиб олган.
Шу тариқа, ушбу тажриба шарофати билан компания турли жисмоний юкланмалар чоғида одам организмида нима содир бўлиши ҳақидаги энг йирик маълумотлар базаларидан бирини тўплашга муваффақ бўлди.
Изоҳ (0)