Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов 16 март куни Тошкент вилояти сайловчилари билан учрашди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 10-Тошкент вилояти округ сайлов комиссияси раиси Н.Абдуллаев очди.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Ислом Каримов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Дастурда саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги барча тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қайта кўриб чиқиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва экин майдонлари унумдорлигини ошириш, фермер хўжаликларини кўптармоқли хўжаликларга айлантиришни давом эттириш, маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш, одамлар турмуш даражаси ва сифатини изчил ошириб бориш, хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Тошкент вилояти ер ости ва ер усти бойликлари, ривожланган саноати ва қишлоқ хўжалиги билан мамлакатимиз тараққиётида алоҳида ўрин тутади. Вилоятда ёқилғи-энергетика мажмуаси, қурилиш индустрияси, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича корхоналар фаолият кўрсатмоқда. АҚШнинг «General Motors» компанияси билан ҳамкорликда барпо этилган автомобиль двигателлари заводи, Олмалиқ, Ангрен, Бекобод, Чирчиқ шаҳарларидаги йирик саноат мажмуаларида ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми изчил ўсмоқда.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кенг қўллаб-қувватланаётгани самарасида бундай субъектлар ва уларнинг иқтисодиётдаги ҳиссаси тобора ортиб бораётир. Фермер ва деҳқонлар нафақат вилоят, айни чоғда пойтахтимиз аҳолисини ҳам мева, сабзавот, узум, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотлар билан таъминлашга катта ҳисса қўшмоқда.
Меҳнат фахрийси С.Салоҳиддинов, Бўка туманидаги «Ёқутхон-Саид» фермер хўжалиги раҳбари С.Сайдуллаев ва бошқалар вилоятни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бунёдкорлик туфайли шаҳар ва қишлоқлар замонавий қиёфа касб этиб, аҳоли турмуш даражаси юксалиб бораётганини таъкидлади. Президент сайловига тайёргарлик миллий қонунчилигимиз ва халқаро демократик тамойилларга тўла мос равишда ўтаётганини қайд этди. Сайловчиларни 29 март куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)