Миллий хавфсизлик хизмати Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ва вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан «Сариосиё» чегара божхона комплексида ўтказилган тезкор тадбир давомида божхона чегараси орқали йирик миқдордаги кимёвий моддаларнинг ноқонуний транзитига чек қўйилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат Божхона қўмитаси хабар беради.
Туркиядан Тожикистон Республикасига ҳаракатланаётган «Мерседес-бенс» русумли транзит автомашинаси кўздан кечирилганда, унинг юкхонасида 20 тонна-ю 850 килограмм олтингугурт кислотаси ва 2 тонна-ю 400 килограмм чумоли кислотаси борлиги аниқланди. Туркия компанияларидан бири томонидан Душанбе шаҳридаги «Тожикчарм» қўшма корхонасига юборилган ушбу юк Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ўтказиш учун махсус рухсатномасиз олиб ўтилаётганлиги маълум бўлди. Асосан саноатда фойдаланиладиган ушбу юкнинг хавфли томони шундаки, у наркотик воситалар ва психотроп моддаларни тайёрлаш ҳамда қайта ишлашда прекурсор, яъни кимёвий унсур сифатида ишлатилиши мумкин.
Мазкур моддаларни текшириб кўриш мақсадида намуналар олинди ва тегишли хулосалар олингунга қадар ушбу транспорт воситаси божхона ҳудудида вақтинча сақланади.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)