2015 йил 10 март куни ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилар миссияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Бахтиёр Мирбобоев билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот маркази хабар берди.
Учрашув мобайнида сайлов қонунчилигига Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси доирасида киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти ҳақида сўз борди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддасига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритилди. Уларга мувофиқ, сайловни ташкил этиш ва уни ўтказиш учун масъул конституциявий орган сифатида Марказий сайлов комиссияси мустақиллигининг ҳуқуқий кафолатлари сезиларли равишда мустаҳкамланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоида ва талабларига тўла мувофиқ ҳолда ўтаётганлиги алоҳида қайд этилди.
Меҳмонлар Конституциявий суд фаолияти, шу жумладан, унинг ташкил қилиниши тартиби, судьялар ҳуқуқий мақоми, суд ваколатлари, конституциявий судловнинг асосий тамойиллари ва бошқа жиҳатлар билан таништирилди. Шунингдек, мамлакатда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг бориши ва уларнинг натижалари ҳақида ахборот берилди.
Учрашув очиқ мулоқот ва фикр алмашиш руҳида ўтди.
Изоҳ (0)