Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида янги барпо этилган маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Янги бунёд этилган мазкур марказ 67 мингдан зиёд аҳолига хизмат кўрсатади.
Қарийб 596 миллион сўм маблағ эвазига қад кўтарган маданият маскани биносидан 350 ўринли тадбирлар зали, машғулот ва тўгараклар хоналари ўрин олган. Эндиликда бу ерда яккабоғлик ёшлар халқ ижодиёти, амалий ва тасвирий санъат, бадиий ҳаваскорлик, рақс каби тўгаракларда ўз билим ва маҳоратини оширади. Бунинг учун барча зарур шарт-шароит яратилган.
Тадбир иштирокчилари марказ қошида ташкил этилган рубоб, доира, рақс, тикиш-бичиш тўгараклари ҳамда дуторчи қизлар бадиий ҳаваскорлик жамоаси, «Яккабоғ чечаклари» болалар фолклор жамоаларининг фаолияти билан танишиб, ижро дастурларини томоша қилди.
«Келажакда бу ерда ахборот-коммуникация технологиялари ва чет тилларини ўқитиш курслари, доимий ва вақтинчалик амалий санъат ҳамда фотокўргазмаларини ташкил этиш кўзда тутилган», – деди марказ раҳбари Сарвар Ҳасанов.
Вилоятда 2018 йилга қадар 74 шундай марказ фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.
Изоҳ (0)