Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Ли Ук Хен Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган касб-ҳунар марказига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг ахборот хизмати хабар берди.
Марказ 2012 йилнинг июль ойида меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ҳамда KOICA ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида барпо этилган.
Ҳар йили мазкур ўқув даргоҳида электротехника ва электроника, машинасозлик, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш,ахборот технологиялари йўналишларида 360 нафар ўқувчига таълим берилади. Секциялар замонавий ўқув-лаборатор ускуналари, дастгоҳлар, керакли анжом ва қўлланмалар билан жиҳозланган. Марказ ўқитувчи ва мураббийлари Корея Республикасининг таълим марказларида малака ошириб келган. Республиканинг бошқа ҳудудларидан касб эгаллаш истагида келганлар учун 100 ўринли ётоқхона ташкил этилди.
Бундай марказда таълим бериш тизимининг эътиборли томони шундаки, назарий билимларга ўқув жараёнининг 30-35 фоиз вақти сарфланса, қолган 65-70 фоизи олинган билимларни амалиётда мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бундан ташқари ўқувчилар амалиётни келгусида ишлайдиган корхоналарида ўтамоқда. Бугунги кунга келиб, марказда 1200 нафардан ортиқ ёш касб ўзлаштирган бўлса, уларнинг қарийб 95,8 фоизи марказда таҳсил олишни битирганидан сўнг бир ой ичида ўз йўналиши бўйича иш билан таъминланади.
Бугунги кунда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан KOICA агентлиги билан келишувлари асосида шундай марказларни Самарқанд ва Шаҳрисабз шаҳарларида ҳам барпо этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Вазирлик томонидан KOICA халқаро ҳамкорлик агентлигига касб-ҳунар марказларини Қўқон ва Урганч шаҳарларида ҳам 2017-2018 йилларда яратиш учун маблағ жалб этиш ҳақида мурожаатнома юборилди.
Изоҳ (0)