Бугун, 9 март куни Қатар пойтахти Доха шаҳрида таэквондо (WTF) бўйича нуфузли Qatar Open мусобақаси якунига етади. Кечаги кун дастурида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 та олтин, 2 та кумуш медални қўлга киритди, деб хабар беради «Olamsport.com».
-41 кг вазн тоифасида даянга чиққан Мадинабону Маннопова барча рақибаларини мағлубиятга учратиб, олтин медаль билан тақдирланди. У ҳал қилувчи финал баҳсида Лин Алшоулини таслим этди. Бруней ва ливанлик спортчи қизлар бронза медалига сазовор бўлди.
Кичик ёшдаги болалар ўртасида ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Абдуллоҳ Тўйчиев (25 кг) ва Акобир Акромов (29 кг) финалда мағлубиятга учраб, кумуш медалга эгалик қилди. Бу икки спортчи финалда мос равишда Саудия Арабистони ва БААлик тенгқурларига имкониятни бой берди.
Эслатиб ўтамиз, мусобақанинг биринчи куни терма жамоа сардори Осиё ўйинлари ғолиби, ўз вазн (87 кг) тоифасида дунё рейтингида биринчи ўринда бораётган Жасур Бойқўзиев кумуш медалга сазовор бўлган эди. Иккинчи кунги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига яна бир медални Дмитрий Шокин тақдим этди. +87 кг вазн тоифасида даянга чиққан Шокин бронза медали билан тақдирланди. Никита Рафалович эса 74 кг вазн тоифасида ўтказилган баҳсларда олтин медални қўлга киритди. У ҳал қилувчи финал баҳсида франциялик Торанн Майзеройни мағлубиятга учратган эди.
Изоҳ (0)