Тошкент шаҳар Учтепа туманида яшовчи фуқаронинг уйида иситиш печининг дудбурони қизиб кетиши натижасида ёнғин содир бўлиб, уйнинг 205 квадрат метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ҳамда қўшнисининг уйини 5 квадрат метр майдонда том қисми ёниб зарарланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлигининг ахборот хизмати хабар бермоқда.
Шунингдек, Хоразм вилояти Хива туманида яшовчи аёлнинг ошхонасида чақнаш содир бўлди. Ошхонадаги газ плитасига ўрнатилган пропан газ баллони шлангидан сизиб чиққан газ ҳидини сезмаган уй эгасининг келини, ошхонага кириб гугурт чаққан вақтида хонага тўпланган газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Чақнаш натижасида уйнинг 24 квадрат метр майдонда томи ва уй жиҳозлари ёниб зарарланган. Ёнғин ўчириш вақтида уй бекасининг келини ва 6 ёшли невараси куйиш тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилган ҳамда 5 ёшли неварасининг куйган ҳолдаги жасади топилган.
Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи фуқаронинг уйида электр симларининг қисқа туташуви натижасида ёнғин содир бўлди. Натижада уйнинг 80 квадрат метр майдонда томи, шифт қисми ва уй жиҳозлари ёниб зарарланди.