Тошкентда шаҳар ички ишлар бошқармаси ходимлари ўтказган махсус операциялар натижасида ўғрилик ва босқинчилик билан шуғулланган ёвуз ниятли кишилар гуруҳи иштирокчилари қўлга олинди, дея хабар бермоқда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
Аниқланишича, жиноятлар айнан битта машинада, бироқ ҳар сафар турли давлат рақами белгилари билан амалга оширилган.
Йил бошидан буён пойтахт ички ишлар бошқармаси навбатчи бўлимига автотранспорт воситаларидан давлат рақами белгилари ечилиб кетилаётгани ҳақида келиб тушган аризаларни инобатга олиб, тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди. Натижада оқ Lacetti маркасидаги автомашинада шахслар гуруҳи Тошкент шаҳрининг турли туманларида ўғрилик ва босқинчилик ҳужумлари уюштиргани аниқланди.
26 февраль куни беш нафар тошкентлик гумонланувчилар қўлга олинди. Улардан бирининг уйида ўнлаб давлат рақами белгилари топилди ва мусодара қилинди.
Айни пайтда ҳибсга олинганларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги аниқланмоқда.