Ўтган йилларда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлигининг Кемачилик инспексияси Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманидаги Қипчоқ понтон кўприги таркибидаги сузувчан понтонларни (2013 йилда 6 та, 2014 йилда 6 та) таъмирлаш лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этди ва таъмирлаш даврида зарур техник назоратни олиб борди. Бу ҳақда «Ўзбекистон Республикаси ички сув йўлларида фойдаланишда бўлган кемаларни рўйхатга олиш, кема реестрини юритиш, хос рақамларни ва кема гувоҳномасини беришнинг янги тартиби» мавзусидаги матбуот анжуманида қайд этилди.
Таъкидланишича, Хоразм вилоятини ободонлаштириш дастури доирасида Шовот канали реконструкция қилингандан сўнг 2014 йилда 4 та сайл қилишга мўлжалланган кема сотиб олинди, бу кемалар аҳоли ва ажнабий сайёҳларга воҳанинг диққатга сазовор жойларини кўрсатишга хизмат қилмоқда. Яна шундай кемаларни олиб келиб, Шовот каналида фойдаланиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, Агентлик томонидан 2014 йилда кемаларни шаҳодатлаштиришдан ўтказиш мақсадида 27 та кема эгалари билан ўзаро шартномалар тузилган ва жами фойдаланишда бўлган 54 та дарё транспорти шаҳодатлаштирилган. Бу ишлар 2015 йилда ҳам давом эттирилиб, шу кунгача 4 та кема эгалари билан шартномалар тузилди.
Анжуман якунида журналистлар Ўзбекистон дарёлари орқали халқаро юк ташиш, дарё транспорти соҳасида кадрлар тайёрлаш масалаларига доир ва ўзларини қизиқтирган бошқа саволлар билан мурожаат этиб, батафсил жавоб олди.
Изоҳ (0)