«Насаф» − «Тракторсозий» жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Антонио Оливейра иштирок этди, деб хабар бермоқда «Stadion.uz».
— Биринчи бўлимни яхши ўтказдик ва кўп ҳужум қилдик. Биринчи бўлимда «Насаф»да деярли имконият бўлмади. Аммо иккинчи бўлим бошида қандайдир 5-6 дақиқада консентрацияни йўқотдик. Натижада иккита гол ўтказиб юбориб, шунинг эвазига мағлуб бўлдик. Бунинг учун рақиб бизни жазолади.
— «Насаф»ни ўрганиш чоғида қайсидир футболчидан хавотир олгандингиз ва бугун сиз учун қайси ўйин сюрприз бўлди?
— Мен рақибдан кўра ўз жамоамга эътибор қаратишни истайман. Аввал айтиб ўтганимдек, «Насаф» бир неча йилдан бери битта мураббий қўл остида битта ғоя асосида ўйнаб келмоқда. Футболчилар ҳам деярли ўша-ўша. «Насаф»ни ғалаба билан табриклайман.
— Жамоада нима содир бўлдики, футболчилар иккинчи бўлим бошида консентрацияни йўқотиб қўйишди?
— Футбол хатоларсиз бўлмайди. Статистикасига кўра, ўйиннинг биринчи ва иккинчи бўлимларининг дастлабки 15 дақиқаси энг катта аҳамиятга эга ҳисобланади. Айнан шу паллада консентрацияни йўқотмаслик керак. Биз бугун хатоларимиздан хулоса чиқариб, кейинги ўйинларда буни такрорламасликка ҳаракат қиламиз.
— Нима учун сенегаллик дарвозабон бугун ўйин қайдномасига киритилмади?
— Ихтиёримда ҳамиша 19-20 кишилик таркиб бўлади. Қайси ўйинчи тайёр бўлса, ўша майдонга тушади. Демак, аниқ бир сабаби борки, сенегаллик даврозабон ўйин қайдномасига киритилмади.
— Ташриф давомида жамоага кўрсатилган меҳмондўстлик ва яратилган шароитлардан қониқиш ҳосил қилдингизми?
— Ҳа, ҳаммаси жойида, муаммоларга дуч келмадик. Бунинг учун «Насаф» жамоасига миннатдорчилик билдирамиз. Гуруҳ босқичи давомида сизлар билан ҳали яна учрашамиз. Барчангизни Эронда бўладиган ўйинга таклиф қиламан. Биз ҳам сизларни юқори савияда кутиб олишга ҳаракат қиламиз.
Изоҳ (0)