«Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналарнинг моддий-техника базасини ривожлантириш бўйича ўтган 2014 йил давомида тизимдаги корхоналар ва ташкилотлар томонидан жами 536 дона замонавий йўл қурилиш техникаси харид қилинди. Бу ҳақда «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси расмий сайтида хабар берилди.
Компаниянинг автомобиллар йўлларидан фойдаланишни транспорт, механизация ва техник таъминлаш бошқармаси бошлиғи Алишер Амировнинг хабар беришича, 310 дона техника Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобидан, лизинг шартномаларига асосан 118 дона техника, банк кредитлари маблағлари ҳисобидан эса 108 та техника харид қилинган.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, сотиб олинган техникалар асосан Ўзбекистондаги қўшма корхоналарда ишлаб чиқарилган бўлиб, улар ичида MAN русумидаги 113 дона самосвал, 38 дона махсус комбинацияланган йўл-қурилиш машинаси, Isuzu русумига мансуб 32 дона шасси автогудронатор ва 14 дона автокран, 29 дона NEW-Holland белгиси остидаги юк кўтарувчи экскаватор ва кўплаб бошқа ихтисослашган техникалар ҳам талай. Сотиб олинган техникалар ичида Ўзбекистондаги ягона нусхада бўлган, Самарқанддаги MAN заводида ишлаб чиқарилган йўл чизиқларини чизишга ихтисослашган машина ҳам бор.
Табиийки, сотиб олинган бу техникалар Ўзбекистондаги автомобиль йўлларининг янада равон ва замонавий бўлишига ҳисса қўшади.
Изоҳ (0)