2015 йил 13 февраль куни Жаҳон банки Ижрочи директорлари кенгаши Ангрен−Поп темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш учун Ўзбекистонга 195 миллион долларлик кредит ажратилишини маъқуллади, деб хабар бермоқда UzDaily.
Маблағ Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ресурслари ҳисобидан тақдим этилади. Кредит 5 йиллик имтиёзли давр билан 25 йилга тақдим этилди. Банк маълумотларига кўра, лойиҳа Ўзбекистоннинг бутун ҳудуди бўйлаб ягона темир йўл тизими ташкил этилишини якунлаб, яна 7,6 миллион киши темир йўл тармоғидан фойдалана бошлашини таъминлайди, шунингдек, кичик бизнес субъектларининг фойдаси ошишига ёрдам беради.
Умумий қиймати 1,633 миллиард доллар бўлган лойиҳанинг 1,089 миллиард долларлик қисми «Ўзбекистон темир йўллари» ДАТКнинг ўз маблағлари эвазига молиялаштирилмоқда. Хитойнинг Эксимбанки 350 миллион долларлик, Жаҳон банки 195 миллион долларлик кредит тақдим этган. Жаҳон банки кредитининг 154 миллион доллари темир йўлни электрлаштириш, сигнализация ва кузатув камераларини ўрнатиш учун сарфланади. Яна 35 миллион доллар темир йўл учун электр энергияси етказиб беришни таъминлашга мўлжалланган.
Маълумот учун, Ангрен−Поп темир йўли қурилиши 2016 йил апрелида тугатилиши режалаштирилаётган бўлиб, 2016 йил июлда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилмоқда.
Изоҳ (0)