Минскда Франция, Германия, Россия ва Украина раҳбарлари иштирокида «нормандча формат»даги музокаралар 16 соат давом этди ва якунда «Минск келишувларининг бажарилиши бўйича чоралар мажмуаси» номли ҳужжат имзоланди. «Kommersant.ru» ҳужжатнинг асосий бандларини эълон қилди.
Унга биноан, 2015 йил 15 февраль 00:00 дан бошлаб Украинанинг Донецк ва Луганск Республикаларида ўт очиш тўхтатилади. Иккала томондан ҳам оғир қуроллар ортга сурилади. Ушбу жараёнларни ЕХҲТ назорат қилади. Техника ортга сурилиши бошлангач маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари учун сайловлар ўтказилиши лозим.
https://twitter.com/nourlnews/status/565805708919468032
Воқеаларга алоқадар шахслар, авф этиш ва амнистия қўллаш орқали, таъқиб қилишга йўл қўйилмайди. Барча асирлар озод этилади ва алмаштирилади. Гуманитар ёрдам муҳтож ҳудудларга халқаро механизмлар орқали тақсимланади. Ижтимоий-иқтисодий алоқалар тўлиқ тикланиши бўйича чоралар кўрилади. Сайловлар ўтказилгач, можаро ҳудудидаги давлат чегарасида Украина тўлиқ назорат ўрнатади.
Украина ҳудудидаги барча хорижий қуролланган бўлинмалар, ҳарбий техника ва ёлланма шахслар олиб чиқилади. Украинада конституциявий ислоҳот ўтказилиб, Донецк ва Луганск вилоятларидаги баъзи ҳудудларнинг алоҳида мақоми мустаҳкамлаб қўйилади.