2015 йилда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг 8,0 фоизга, шу жумладан, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажмининг 8,3 фоизга ва қишлоқ хўжалигида 6,0 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий сайтида хабар берилди.
Жорий йилда иқтисодиётни таркибий жиҳатдан диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхоналарни барпо этиш ва мавжуд корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнесни, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ҳамда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш каби инвестицион лойиҳаларни амалга оширишга йўналтириладиган капитал қўйилмалар реал ҳажмининг 2014 йилга нисбатан 10,1 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда.
Бунда мамлакат иқтисодиётига жалб этиладиган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажмининг 3,5 миллиард АҚШ долларидан зиёдни ташкил этиши кутилмоқда.
Экспортни рағбатлантириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирларни амалга оширишнинг давом эттирилиши ҳамда жаҳон бозорида республикамизда ишлаб чиқарилаётган асосий экспорт маҳсулотларига талаб ва нархлар прогнозини инобатга олган ҳолда, 2015 йилда ҳам Ўзбекистон тўлов баланси, шу жумладан, ташқи савдо баланси ижобий салдосининг сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.
Хусусан, мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолиятда кенг иштирок этиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб чиқишга кўмаклашиш, экспорт шартномаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини ҳамда умуман божхона маъмуриятчилигини соддалаштириш ва эркинлаштириш борасидаги ислоҳотларнинг изчил давом эттирилиши 2015 йилда ҳам мамлакат экспортининг юқори суръатларда ўсишига хизмат қилади.
Ўз навбатида, 2015 йилда ялпи ички маҳсулот дефлятори прогнозининг 2014 йилдаги 12,6 фоиздан 12,1 фоизгача пасайиши, иқтисодиётда ишлаб чиқариш ҳажми ва самарадорлигини ошириш ҳамда маҳсулот таннархини пасайтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ва жаҳон бозоридаги хомашё ва товарлар нархлари динамикасининг прогнозини инобатга олиб, 2015 йил учун инфляция даражаси мақсадли кўрсаткичи 2014 йилдаги кўрсаткичга (6—7 фоиз) нисбатан пасайтирилиб, 5,5—6,5 фоиз доирасида белгиланмоқда.
Изоҳ (0)