Осиё кубогининг иккинчи ярим финалидан ўрин олган Австралия – БАА терма жамоалари ўртасидаги ўйин ўз ниҳоясига етди. Равшан Эрматов ҳакамлик қилган учрашувда кутилганидек майдон эгалари 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга йўл олишди, деб хабар бермоқда «Uff.uz».
Учрашувни Австралия терма жамоаси жуда ҳам фаол бошлади. 3-дақиқадаёқ бурчакдан ошириб берилган тўпни Сейнсбери боши билан дарвозага тўғирлаб қўйиб, ҳисобни очди - 1:0. 15-дақиқага келиб эса БАА жарима майдончаси ичида юзага келган пала-партишликдан фойдаланган Жеймс Дэвидсон аниқ зарба билан ҳисобни 2:0 га етказди.
Биринчи бўлимда дарвозаларга бошқа гол киритилмади. Иккинчи бўлимни БАА термаси фаол бошлади. Улар ҳужумга ўтиб, вазиятни ўнглашга интилишди. Аммо сўнгги зарбани амалга оширишда БАА термаси футболчиларига совуққонлик етишмади. Кўп ҳолларда Австралия термаси дарвозабони Раян ҳам ажойиб тарзда ҳаракат қилганини алоҳида таъкидлаш керак.
Иккинчи бўлимда дарвозаларга бошқа гол киритилмади. Шу тариқа 31 январь куни бўлиб ўтадиган Осиё кубоги финалида Австралия терма жамоаси яна бир бор Жанубий Кореяга қарши майдонга тушадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бу икки терма жамоа бир гуруҳда иштирок этган бўлиб, ўзаро ўйинда Жанубий Корея кичик ҳисобда ғалаба қозонганди.
Осиё кубоги, ярим финал.
Австралия - БАА 2:0
Голлар: Т.Сейнсбери (3), Ж.Дэвидсон (15)
Австралия – Раян, Сейнсбери, Шпиранович, Дэвидсон, Миллиган, Единак, Кейхилл, Луонго, Круз, Франич, Лекки.
БАА – Носир, Санқур, Салим, Ал-Балуший, Аҳмад, Абдурраҳмон, Умар Абдулраҳмон, Исмоил, Халил, Мабхут, Абдураҳмон.
Изоҳ (0)