UzReport TV ахборот-таҳлилий телеканали ўз дизайнини янгиламоқда. 2015 йилнинг 22 январидан бошлаб телетомошабинлар каналда «Янгиликлар сатри»нинг янгиланган кўриниши, шунингдек, «Makroиқтисодий кўрсаткичлар», «Валюта курслари», «Об-ҳаво» сингари имидж ва ахборот заставкалари ва телеканал дизайнининг бошқа янги элементларига гувоҳ бўлдилар, деб хабар бермоқда «Infocom.uz».
«Шунингдек биз ‘7/24’ ахборот телекўрсатувининг идентификацион плашкалари ва ранг мажмуини ҳам янгиладик. Бунда замонавий информацион телеканаллар қиёфаси, каналимизнинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан, кун мобайнида янгиланиб борувчи янгиликлар, кўрсатувимизнинг тезкорлиги ортиб бораётганлиги, ва, албатта, телетомошабинларимизга кўриниши ёқимли ва замонавий телевизон контент тақдим этиш мақсади каби жиҳатлар ҳисобга олинди», – дейди UzReport TV телеканали бош режиссёри Азиз Набихонов.
Бундан ташқари, Азиз Набихоновнинг айтишича, дастурлараро телекўрсатувлар ва телеканалнинг ҳужжатли фильмлар яратувчи ижодий гуруҳи томонидан тайёрланадиган фильмларга ҳам янги имиж услуби татбиқ этилади.
Маълумки, оқ ранг очиқлик ва позитив тимсолидир. Металлик кулранг эса юқори салоҳият белгиси ҳисобланади. Ушбу ранглар уйғунлиги томошабинга, мазкур канал ҳақиқатан ҳам ўз фаолиятида илғор иш услублари ва замонавий технологиялардан фойдаланадиган янги форматдаги канал эканлигини тушуниш имконини беради.
«Биз телеканалимизнинг янги дизайни ҳақидаги томошабинлар фикри ва баҳосини олишга ҳамда билдирилган мулоҳазаларга мувофиқ уни такомиллаштириб боришга тайёрмиз. Ўз таклифларини томошабинларимиз электрон почта орқали info@corp.uzreport.com манзилига ёки махсус алоқа шаклидан фойдаланиб UzReport информацион агентлигининг сайти (http://uzreport.uz) га жўнатишлари мумкин. Биз, шунингдек, UzReport’нинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида томошабинларимизнинг шарҳларини кутин қоламиз», – дея таъкидлади UzReport TV телеканали бош режиссёри Азиз Набихонов.
Изоҳ (0)