Ёшлар маданият ва санъат маркази, «Ўзбекнаво» ЭБ ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан янги «Куйла, ёшлигим» лойиҳаси ташкил этилади. Бу ҳақда Ёшлар маданият ва санъат маркази ахборотига таяниб, «Uz24.uz» хабар бермоқда.
Иштирокчиларни саралаб олиш 3 босқичда бўлиб ўтиши белгиланган. Лойиҳанинг биринчи саралаш босқичи республиканинг барча ҳудудларида 5 февралдан 11 мартга қадар ўтказилади. Шу мақсадда мутахассислардан ташкил топган гуруҳлар республиканинг барча ҳудудларига сафар уюштиради ва ҳар бир вилоятдан 5—8 нафар иштирокчини саралаб олади. Саралаб олинган ёшлар Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган иккинчи саралаш босқичида иштирок этиш имконига эга бўлади.
Иккинчи босқич якунида ҳакамлар ҳайъати энг қобилиятли 15 нафар ижрочини танлаб олади ва уларга 6 ҳафта мобайнида актёрлик маҳорати, вокал ва рақс дарслари ўтилади. Шунингдек, ҳар ҳафта ҳисобот концертлари ўтказилади.
Лойиҳа якунида финал гала-концерти ташкиллаштирилади. Унда барча иштирокчилар ўзбек эстрада юлдузлари билан биргаликда қўшиқлар ижро этади ва ғолиблар эълон қилинади.
Изоҳ (0)