2014 йил Ўзбекистон аҳолиси учун муваффақиятли кечиб, жамият ва ҳар бир инсон ҳаётига катта ижобий ўзгаришлар олиб кирди. «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг навбатдаги сўровида иштирок этганларнинг қарийб 98 фоизи ана шундай фикр билдирди, деб хабар беради «Халқ сўзи» нашри.
Социологик тадқиқотда шаҳар-у қишлоқлардаги эркаклар ва аёллар, турли ёш, миллат, эътиқод вакиллари қатнашди.
Респондентларга «2014 йилда энг кўп нимадан қувондингиз?» деган савол берилди. Улар бунга жавобан ўзларининг шахсий муваффақиятлари қаторида Ўзбекистонда иқтисодий, ижтимоий соҳаларда қўлга киритилаётган юксак марралар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақи учун яратилган қулайликлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш даражаси, таълим ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошганини алоҳида эътироф этди.
Тадқиқот мамлакат ҳудудлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиши барқарорлигини тасдиқлади. Шунга уйғун тарзда респондентларнинг 84,2 фоизи томонидан 2015 йилга мана шундай ижобий прогнозлар билдирилди.
Фуқароларнинг кўпчилик қисми ўтган йили ўз моддий, уй-жой ва маиший ҳолатини анча яхшилаб олганини эътироф этди. Уларнинг 98 фоизи оиласи моддий фаровонлигини барқарор, деб баҳолади.
Изоҳ (0)