Наманганда светофорларга муқобил энергия манбаи — қуёш батареяли панеллар ўрнатиш амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Президент раҳнамолигида қайта тикланадиган, арзон, иқтисодий жиҳатдан тежамкор ва экологияга салбий таъсир қилмайдиган муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада қуёш нури ёрдамида ҳосил қилинадиган электр қувватидан фойдаланиш технологиялари жорий этилаётгани муҳим аҳамият касб этяпти.
Наманганда йўл ҳаракатини бошқаришнинг асосий воситаси бўлган светофорларни муқобил энергия манбаи билан таъминлаш борасидаги лойиҳанинг амалиётга татбиқ этилиши ҳам мазкур изланишлар самарасидир.
Қуёш батареяли панелларнинг дастлабкиси вилоят марказининг Навоий ва Бобур шоҳкўчалари кесишган чорраҳалардаги светофорларга ўрнатилди.
«Қуёш батареяли панеллар синовдан муваффақиятли ўтмоқда, — деди вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ихтисослаштирилган фойдаланиш бўлими бош муҳандиси Акмалжон Сулаймонов. – Бундай қурилмалар шаҳарнинг асосий йўналишларидаги элликдан зиёд чорраҳанинг барчасига ўрнатилади. Бу светофорларнинг барқарор ишлаши ва электр энергияси тежамкорлигида сезиларли натижа беради».
Изоҳ (0)