Маълумки, шу йилнинг 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади, деб хабар берилди Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар эгадир. Бунда сиёсий партия сайлов кампанияси бошланганлиги эълон қилинган кундан камида олти ой олдин Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган тақдирдагина Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатиши мумкин.
17 январь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш мақсадида тегишли ҳужжатларни, яъни «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 24¹-моддасига биноан сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза, Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги кўрсатилган маълумотномаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотларни тақдим қилди.
«Ҳужжатлар тақдим этилгач, Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана қайд этилган маълумотномани беради, — деди Марказий сайлов комиссияси котиби К. Адилов. — Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкаларини беради. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш навбатига қараб матбуотда эълон қилинади».
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Изоҳ (0)