Фарғона вилояти Ёзёвон туманидаги мактабгача таълим муассасаларининг молиявий фаолияти ўрганилганида, жиддий қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди, деб хабар беради «Ҳуқуқ» газетаси.
Олий маълумотли, олтмиш ёшни қоралаган аёл 2009 йилнинг февраль ойидан 17-мактабгача таълим муассасасининг мудираси лавозимида ишлаб келган. Пенсия ёшидан ўтган мудира муассаса ҳисобчиси ва ғазначи вазифаси юклатилган бош тарбиячи билан тил бириктириб, ходимларнинг пластик карталарига ўтказиладиган пулларнинг муайян қисмини ўзлаштиришдан иборат жиноятга қўл урди.
Мукофот пуллари ва маошларни яқин, ишончли кишиларнинг пластик карталарига тушириб олишдан ташқари, буйруқ билан қабул қилинган, бироқ бир неча ойлаб ишламаган ходимларга ҳам шу иш ҳақи ҳисоблаб, пластик карталарига тушириб ўзлаштираверган. 2012 йил март ойида уч нафар ходимга, август ойида 10 нафар ходимга буйруқсиз ва буйруқ чиқариб ҳисобланган 2 миллион 119 минг сўм мукофот пулларини мудира ўзининг, ғазначи вазифасини бажарувчи аёлнинг ва уч нафар «садоқатли» ходимининг пластик карталарига ноқонуний равишда туширтириб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаган.
Мудира ҳисобчи аёл билан келишган ҳолда ишчи-ходимларнинг табелларига, банк муассасасига тақдим этилган пластик карталарнинг тўлов рўйхатига сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, буйруқ билан ёки сохта буйруқ билан ишга қабул қилинганини расмийлаштириб қўйган, бироқ 3-4 ойдан тортиб, 8-9 ойгача ишга келмаган, гўё мусиқа раҳбари, тарбиячи ва энага бўлиб ишлаётган 15 нафар ходимнинг ишламаган вақтларига иш ҳақи ҳисоблаттирган. Табелларга, пластик карталар тўлов рўйхатига сохта маълумотлар киритиб, жами 19 миллион 529 минг сўм иш ҳақини ўзининг, турмуш ўртоғининг, қизининг ва 6 нафар собиқ ходимининг карталарига ўтказиб олган.
Бундан ташқари, ғазначи вазифасини бажарувчи аёл билан тил бириктириб, 2013 йил август — декабрь ойлари, 2014 йил январь ойида банк муассасасидан чеклар билан олинган жами 8 миллион 722 минг сўм нақд иш ҳақини ходимларга тарқатмай, ўзи сарфлаган. Муассасада ҳатто бюджет маблағлари ҳисобига сотиб олинган, тарбияланувчиларга берилиши лозим бўлган 757 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам талон-тарож қилинган.
Суд давлат бюджетига етказилган жами 41 миллион 582 минг сўмнинг ўрни қопланганини эътиборга олиб, судланувчилар — мактабгача таълим муассасаси собиқ мудираси, ҳисобчи, ғазначи вазифасини бажарган бош тарбиячига муайян муддат моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари ҳамда жарима жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)