Навоий вилояти Қизилтепа туманида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Дўстлик байроғи» газетаси хабар бермоқда.
Бахт уйининг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Президент раҳнамолигида барча соҳалар қатори адлия тизимида ҳам олиб борилаётган янгиланишларнинг юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Хусусан, ўтган йилларда вилоятнинг Кармана, Нурота туманлари ҳамда Навоий ва Зарафшон шаҳарларида замонавий бахт уйлари барпо этилди. Янги йил аввалида Қизилтепа туманида ҳам шундай муҳташам бинонинг фойдаланишга топширилгани аҳолига, айниқса, ёшларга қаратилаётган юксак эътибор намунаси бўлди. Янги кошонада илк ёш оиланинг никоҳи қайд этилди.
Қарийб 1,5 миллиард маблағ эвазига барпо этилган масканда барча қулайликлар яратилган. Никоҳдан ўтувчи ёшларни келгуси ҳаётга тайёрлаш, соғлом ҳаёт сабоқлари, мустаҳкам оила сирлари ҳақида тушунчалар бериш мақсадида оила дорилфунуни ташкил этилган. Шунингдек, нотариал идора фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Изоҳ (0)