Sam Antep Gilam ўзбек-турк қўшма кўрхонаси Самарқанд лифтсозлик заводи активларини сотиб олди. Корхона базасида лифт ишлаб чиқаришни давом эттирувчи янги «Самарқанд ЕвроОсиё лифт» компанияси ташкил этилади, деб хабар бермоқда «Gazeta.uz».
2014 йил 28 май куни Самарқанд вилоят хўжалик суди «Самарқанд лифтсозлик заводи» акциядорлик жамиятини банкрот деб тан олди. Кредиторнинг қарздорга бўлган барча даъволари 30 декабргача қондирилиб, банкротлик иши тугатилди. Банкротлик ҳақидаги баёнот Россиянинг «Пересвет-Инвест» акциядорлик жамияти томонидан компаниянинг молиявий ночорлиги туфайли берилган эди.
«Пересвет-инвест» заводнинг 75 фоиз акцияларини 2007 йилда 1,3 миллион доллар эвазига сотиб олган эди. Олди-сотди шартномасига биноан, компания заводга беш йил ичида 7,5 миллион долларлик инвестиция киритиши лозим эди. Инвестиция мажбуриятлари тўлиқ бажарилиб, 2009 йилда фойдага чиқилган. Бироқ 2010 йилдан яна зарарга ишлай бошланган.
Самарқанд лифтсозлик заводи 1967 йилда ташкил топган бўлиб, йилига 7000 та юк, транспорт ва йўловчи лифтларини ишлаб чиқариш қувватига эга. Завод ўз соҳасида марказий Осиёда энг йириги ҳисобланиб, ҳозирда собиқ иттифоқ ҳудудида корхонанинг 120 мингдан ортиқ лифтларидан фойдаланилмоқда.
Изоҳ (0)