Facebook ўз сайтининг бизнес учун мўлжалланган янги Facebook at Work ижтимоий тармоғининг илк суратларини намойиш этди. Бу ҳақда TechCrunch нашрига таяниб, «Kun.uz» хабар берди.
Facebook нашрга маълумот беришича, янги ижтимоий тармоқ Facebook’нинг ҳамкорлари ҳисобланган чекли миқдордаги компаниялар орасида синов тариқасида илк бор ишга туширилади. Бу компаниялар iOS ва Android операцион тизими остида ишловчи Work номи билан аталган дастурга ва сайтнинг янги махсус яратилган версиясига кира олиши мумкин бўлади. Синовлар натижаларига кўра, Facebook дастурга зарур қўшимчаларни қўшиб, уни тармоқда очиқ фойдаланишга қўяди.
Компанияда таъкидлашларича, бу янги дастур корпоратив алоқани амалга ошириш ва ишни ташкил қилиш учун мослаштирилган Facebook’нинг барча асосий функцияларига эга бўлади. Бу янги дастурга Facebook компанияси ичида ходимлар ўзаро мулоқот қилиши учун яратилган дастур асос қилиб олинган. Дастурга алоҳида бошқа логин ёки Facebook’да мавжуд аккаунт орқали кириш мумкин бўлади.
Дастурда ҳужжатларни юклаш ёки сақлаш мумкин бўлади, бироқ уларни таҳрир қилиб бўлмайди. Фойдаланувчи Facebook корпоратив версиясидаги постлар ва статусларга ўзининг оддий аккаунти орқали ҳавола бериши мумкин бўлади, бироқ улар ўзаро кесишмайди: биридаги контент иккинчисига кўчириб ўтказилмайди.
Компанияда ҳозирча у қандай қилиб тарқатилиши ҳақида бирор қарорга келинмади: ё дастурнинг пуллик варианти бўлади ёки у бошидан пуллик бўлади. Ҳозирги вақтда дастур бепул тарқатилмоқда, унда реклама берилмаган, бироқ вазият ўзгариши мумкин, деб таъкидланмоқда компанияда.
Изоҳ (0)