Россия пойтахти Москва шаҳрига ишлагани борган бухоролик ака-укалар маст ҳолатда мудҳиш жиноятга қўл урди, деб хабар бермоқда «Ҳуқуқ» газетаси.
Ака-укалар ва улардан бирининг ўғли яна бир бухоролик билан бирга яшаган. 8 март куни улар байрамни нишонлаш учун илиқ суҳбатдан кўра ароқ ичишни маъқул кўришади. Бир неча шиша бўшагач, қариндошлар ва тўртинчи киши ўртасида жанжал келиб чиқади. У маст ҳолатда ака-укаларга уларнинг уйини билишини, хотини билан ҳам танишлигини айтади.Натижада ака-укалар уни дўппослашни бошлайди ва ўладиган даражагача калтаклайди. Ҳаёт билан видолашаётган ҳамюртларига ёрдам кўрсатиш ўрнига қўшни хонага чиқиб ўтирган қариндошлар унинг жони узилгач хонага киришди. Қилмишларини яшириш мақсадида жасадни ювиниш хонасига олиб кириб, бўлакларга бўлишди. Учта елим халтага солиб, ўзлари ижарада турган уй орқасидаги йўл ёқасига кўмишди.
Қариндошлар 12 март куни Бухорога қайтишди. Профилактика инспекторининг сўровига жавобан суҳбатга бормаган қариндошларга нисбатан амалдаги қонунларга биноан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194 ва 195-моддалари билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, иш судга оширилди.
10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинлангандаёқ, улар безовталана бошлади. Профилактик суҳбат жараёнида қотил ака-укаларнинг тили қалтираб, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари олдида қилмишларига иқрор бўлишди. Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг ҳукми билан қотилларга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Изоҳ (0)