Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида зилзилаларни симулация қилиш мажмуаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Мажмуа Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Марказий Осиёдаги DIPECHO VII табиий офатларга тайёргарликни таъминлаш дастури доирасида ташкил этилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вазирлик ва идоралар, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси, Гуманитар ёрдам ва фуқаро муҳофазаси бўйича Европа комиссияси (ECHO), Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири, генерал майор Т.Худайбергенов мустақиллик йилларида Президент раҳнамолигида турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишнинг самарали тизими яратилганини таъкидлади. Мазкур тизим фавқулодда вазиятларни аниқ прогноз қилиш, тезкор огоҳлантириш ва табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган. Зилзилаларни симулация қилиш мажмуаси бу борада амалга ошириладиган ишларда муҳим ўрин тутади. Ушбу мажмуа аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш даражасини ошириш имконини беради.
Янги мажмуада зилзилалар туфайли вайрон бўлган биноларнинг макетлари жойлаштирилган зал мавжуд. Шунингдек, бу ерда зилзилалар музейи, ер силкинишига ўхшаш ҳолатни юзага келтирадиган махсус ўқув тренажёри билан таъминланган бино, тиббиёт хонаси бор.
Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда амалда бўлган аҳолини зилзилалар рўй берганда ҳаракатланишга тайёрлаш, ер силкинишларини прогноз ва мониторинг қилиш бўйича комплекс дастур, гидротехник иншоотлар ва турар жойларнинг сейсмик барқарорлигини баҳолаш жараёни билан таништирилди.
Изоҳ (0)