«Ўзбекэнерго»нинг баъзи (ВМнинг 2004 йил 5 февралдаги 57-сон қарори 5-иловасига киритилган) корхоналарига нисбатан шартномавий ҳажмлардан ортиқча олинган газ қийматига ошириладиган коэффициент қўллаш бекор қилинди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 31 декабридаги қарорида белгилаб қўйилган, деб хабар бермоқда «Kun.uz».
Қарорда қайд этилишича, 2012−2013 йиллар учун шартномавий ҳажмлардан ортиқча етказиб берилган табиий газ қийматига 2 коэффициентдан фойдаланган ҳолда «Ўзбекэнерго» иссиқлик электр станцияларигага илгари қўлланилган оширилган тўловларни ҳисобга олмасдан ўзаро ҳисоб-китоблар қайта ҳисоблаб чиқилади.
Ўз навбатида, «Ўзбекэнерго» ва «Ўзбекнефтгаз»га Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарорига мувофиқ бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботига белгиланган тартибда тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақида кўрсатма берилган.
Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу қарор «Ўзбекэнерго»нинг иссиқлик электр станцияларини «барқарор молиявий ҳолатда сақлаш, республика истеъмолчиларининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини таъминлаш, етказиб берилган газ учун ўзаро ҳисоб-китобларни тартибга солиш мақсадида» қабул қилинган.