Австралиянинг Мельбурн шаҳрида Осиё Футбол Конфедерациясининг навбатдан ташқари Конгресси бўлиб ўтди. Мазкур Конгрессда ташкилот Низомига бир қатор ўзгартиришлар киритилди, деб хабар беради «Uff.uz».
Конгрессда Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов, ЎФФ Биринчи вице-президенти Сардор Раҳматуллаев ва ЎФФ Котибияти бошлиғи Санжар Ризаев иштирок этди.
Конгрессда иштирок этган ОФК делегатлари 2014 йил Сан Паулу шаҳрида бўлиб ўтган ОФК Конгрессида қабул қилинган янгиликларни тасдиқлади. Улар орасида энг асосий масалалардан бири ОФКга аъзо айрим мамлакатларни Жанубий ва Марказий Осиё зоналарига ажратиш бўлди.
Унга кўра, Марказий Осиё зонасида Ўзбекистон, Эрон ва футболи жадаллик билан ўсиб келаётган яна тўрт терма жамоа (жами 6та) иштирок этса, Жанубий зонада футболи ривожланаётган 7 та жамоа иштирок этади.
Конгрессда, шунингдек, ОФК Ижроқўмига аъзо бўлган аёллар сонини биттага ошириш тасдиқланди. Унга кўра, янги ташкил этиладиган бешинчи зонадан янги Ижроқўм аъзоси тайинланади.
Конгрессда сўз олган ОФК президени Шайҳ Салмон Иброҳим Ал Ҳалифа Конгресс иштирокчиларига миннатдорчилик билдирди ва қабул қилинган қарорлар, ўзгартиришлар Осиё футболи ривожи учун қўйилган янги қадам эканини таъкидлади.
«ОФК Низомига киритилган янги лойиҳалар, сайлов комиссияси таркибига ўзгартиришлар киритилиши ва қабул қилинган бир қатор янгиликлар Конфедерация ривожи учун хизмат қилишига шубҳам йўқ. Низомга ўзгартиришлар киритиб, минтақа футболи ривожи учун биргаликда қадам ташламоқдамиз, бунинг учун барча делегатларга миннатдорчилик билдираман», — деди ОФК президенти.
Конгресс якунида ОФК Ижоқўми аъзолари сони қайтадан тасдиқланди. Унга кўра, ОФК Ижроқўми аъзолари эндиликда 25 нафарни ташкил қилади:
- ОФК президенти (Шу ўринда ФИФА вице-президенти)
- ОФК вице-президентлари — 5 нафар
- ОФКнинг ФИФА Ижроқўмидаги аъзолари — 3 нафар
- ОФК Ижроқўмидаги аёл делегатлар — 5 нафар
- ОФК Ижроқўмига сайланадиган доимий аъзолари — 11 нафар
Изоҳ (0)