Наманган тумани маркази — Тошбулоқ шаҳарчасидаги болалар мусиқа ва санъат мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Президент Ислом Карумовнинг 2008 йил 8 июлда қабул қилинган «Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009—2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида»ги қарори ёшларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, хусусан, санъат йўналишида ўз истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратишда муҳим омил бўлмоқда.
«150 ўринга мўлжалланган санъат мактабида иқтидорли ёшларнинг ўзлари қизиққан йўналиш бўйича қобилиятини ўстириши, таълим жараёнларини замонавий педагогик технологиялар асосида ташкил қилиш учун барча шароит муҳайё, — деди болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Учқунбек Тожибоев. — 200 ўринли концерт зали ёшларда саҳна маданиятини шакллантириш билан бирга, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ҳисобот концертларини ўтказиш, туман миқёсида ёш ижрочилар ўртасида турли кўрик-танловлар, байрам тадбирларини ташкил этишга хизмат қилади».
Изоҳ (0)