Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов «Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги томонидан эълон қилинди.
Қарорда маълум қилинишича, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ чақирилиш муддатини кечиктириш ҳуқуқига эга бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг чақирув ёшидаги фуқаролари 2015 йилнинг февраль март ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташга яроқли ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув мобайнида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резервига олинади.
Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2015 йилнинг март−апрель ойларида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервига бўшатилади.
Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш. Мирзиёев ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг Котиби В. Махмудов зиммасига юкланган.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2014 йил 26 декабрда имзоланган.
Изоҳ (0)