Жиззах шаҳрида барпо этилган замонавий охирги бекат мажмуаси туманларга қатновчи автобус ва микроавтобусларга, шунингдек, йўналишсиз таксиларга хизмат кўрсатади. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.
2014 йил 17 январь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б. Закиров раислигида ўтказилган Жиззах вилоятида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш масалаларига бағишланган сайёр йиғилиш баённомасида вилоятнинг автотранспорт инфратузилмасини ривожлантиришга доир чора-тадбирлар ҳам қайд этилган эди. Яқинда ҳукуматнинг ушбу топшириғи ижроси доирасида вилоят марказидаги «Эски шаҳар деҳқон бозори» ёнида шаҳар ичи ва шаҳар атрофи йўналишларида мунтазам қатновчи автобус ва микроавтобуслар учун охирги бекат мажмуаси қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Қиймати 150 миллион сўмга тенг ушбу мажмуа қурилишини Жиззах шаҳридаги «Олтин Тож Капитал» МЧЖ ўз ҳисобидан молиялаштирди. Лойиҳага мувофиқ, Мирзачўл, Дўстлик, Арнасой, Зафаробод, Пахтакор ва Жиззах туманларига қатновчи, шунингдек, Жиззах шаҳри ички йўналишларида ҳаракатланувчи автобус ва микроавтобуслар учун перронлар, йўналишсиз такси машиналари учун тўхташ жойи барпо этилди. Мажмуа замонавий жиҳозланган бўлиб, унда йўловчиларга мўлжалланган қулайликлар, қўшимча маиший хизмат иншоотлари ҳам назарда тутилган.
Изоҳ (0)