Қорақалпоғистон Республикасининг шаҳар ва туманлари, олис овулларида ўтказилаётган ана шундай шодиёналарда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилалар фарзандлари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига байрам совғалари топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Нукус шаҳри марказида қад ростлаган баланд арча атрофида Қорбобо ва Қорқиз, эзгуликка чорловчи турли эртак қаҳрамонлари болажонларга байрам шодиёналарини улашмоқда.
«Янги йил байрами арафасида кўп совғалар олдик, — деди Хўжайли туманидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Умида Исмоилова. — Меҳрибонлик уйида вояга етаётган бўлсак-да, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик туфайли ҳеч нарсадан камимиз йўқ, келажагимиздан кўнглимиз тўқ. Бундай оталарча ғамхўрликдан жуда мамнунмиз».
Кўнгиллари шодликка тўлган болажонлар арча атрофида эртак қаҳрамонлари билан бирга рақс тушиб, Ватан, болалик ҳақида қўшиқлар куйлади.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М. Эрниязов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)