Ўзбекистон терма жамоаси 2 январь куни Осиё кубогида иштирок этиш учун Австралияга учиб кетади, деб хабар беради «Stadion.uz».
Бугун, 30 декабрь куни бош мураббий Миржалол Қосимов ва журналистлар ўртасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда футболчилар Server Жепаров, Санжар Турсунов ва Темур Кападзе ҳам иштирок этди.
Миржалол Қосимов: «Кириб келаётган янги йил билан барчани чин юракдан табриклайман. Келаётган йил барчамиз учун баракали ва унумли бўлсин. Январь ойидаги муҳим мусобақада олдимизга қўйилган улкан вазифаларни бажариб, совринли ўринларга эга бўлишни мақсад қилганмиз».
Server Жепаров: «Машғулотлар яхши ўтди. Машғулотда қийин бўлса, жангда осон бўлади дегандек, машғулотларда катта юклама олдик, ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдик. Ўйлайманки, Осиё кубогига оптимал формада ташриф буюрамиз».
Темур Кападзе: «Ўзимнинг шахсий рекордим ҳақида ўйлаётганим йўқ. Бу ўз-ўзидан бўлаверадиган нарса. Биз учун энг муҳими терма жамоанинг тайёргарлиги. Бор маҳоратимизни кўрсатиб, юртимизга ёруғ юз билан қайтишни мақсад қилганмиз.
Санжар Турсунов: «Осиё кубогида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишни, мусобақада юқори ўринларни олиб, мухлисларни хурсанд қилишни истаймиз».
Савол: БААда ўтказилган биринчи йиғинда асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилганди. Иккинчи йиғинда эса ўйинни шакллантиришга қаратилди. Шу боис биринчи йиғинга нисбатан иккинчи йиғиндаги ўйинда йигитларнинг ҳаракатларида енгиллик кузатилдими?
Жавоб: Барча йиғинлар самарали бўлди. Ноябрь ойи сўнгидан бошлаб декабрь ойи охиригача шуғулландик. Жаҳон футболида аввал техника биринчи ўринда бўлса, ҳозир биринчи планга жисмоний тайёргарлик чиқди. Шу боис асосий эътибор жисмоний тайёргарликка қаратилди. Бунинг учун бизга барча шароитлар яратилди, йиғинлардан қониқиш ҳосил қолдим. Энди мусобақада яхши иштирок этиш қолди. Оғир юкламаларга қарамай, йигитлар юракдан ишлади.
Темур Кападзе: «Ироқ билан ўйинлар бироз енгилроқ ўтди. Январдан бошлаб яна бир ҳафталик йиғинда иштирок этамиз. Ҳозир формамизнинг юқори ҳолатига чиқдик. Энди бу формани ушлаб туришимиз керак».
Савол: Вагиз Галиулин нима учун йиғинга чақирилмади? Баҳодир Насимовнинг ҳозирги формаси сизни қониқтиряптими?
Жавоб: Вагиз охирги йилларда жароҳат боис кўп ўйин амалиётига эга бўлмади. Ушбу йилдан мунтазам равишда ўйнай бошлади. Ўйлайманки, унинг чизиғида ўйнайдиган Турсунов, Жепаров ва Рашидов ундан кучлироқ. Насимов эса имкониятлардан фойдаланишда оқсамоқда. У ўртоқлик учрашувларида яхши имкониятларга эга бўлди. Насимов катта тажрибага эга. Унинг бизга фойдаси тегиши керак. Унинг визаси кеча келди, у Осиё кубогига боради.
Савол: Танлаб олинган таркибдан кўнглингиз тўлдими?
Жавоб: Натижага эришсак, кўнглим тўлган бўлади. Ўйлайманки, ҳозирги кунда энг яхши тайёргарликка эга бўлган футболчиларни танлаб олдим.
Савол: БААдаги йиғин давомида бўлиб ўтган бешта ўйинда битта гол ўтказдик. Ҳимоядан кўнглингиз тўлдими?
Жавоб: Ўртоқлик ўйинларида хатолар бўлди. Буларни кўриб олдик. Осиё кубогида эса камроқ хато қилиб, дарвозамиз дахлсизлигини сақлаб қолиш ҳақида ўйлаяпмиз. Йиғин пайтида жисмоний чарчоқ остида ўйнаганимизни ҳам таъкидлаш лозим.
Савол: Терма жамоа таркибини 11 нафар ярим ҳимоячи ташкил қилмоқда. Бу бутун бошли битта жамоа дегани. Асосий эътибор эҳтиёткорликка қаратилаётгандек кўринмоқда. Шу фикрга қўшиласизми?
Жавоб: Йўқ, бу фикрга қўшилмайман. Футболда энг кўп юклама бу чизиқ вакилларига тушади. Жамоамизнинг энг кучли чизиғи ҳам ярим ҳимоячилардан иборат ва бу жойда рақобат кучли. Бу ҳужумкорликка таъсир қилмайди. Ҳеч қандай муаммо йўқ.
Савол: Ҳужумни якунлашда ҳужумчиларимизга нима етишмаяпти деб ўйлайсиз?
Жавоб: Совуққонлик етишмаяпти. Ироқ билан ўйинда ҳимоячи бўлишига қарамай, Акмал Шоаҳмедовда ҳам яхши имконият бўлди. Осиё кубогида яратилган вазиятлардан фойдаланамиз, деб ўйлайман. Энг муҳими биз имкониятлар яратяпмиз. Имконият ярата олмасак, бундан ёмони бўлмасди.
Савол: Австралия иқлими ва вақт фарқига мослашиш бўйича муаммолар юзага келмайдими?
Жавоб: Ҳақиқатан ҳам мусобақа бошланишига кам вақт қолмоқда. 4 январда Сиднейга етиб борамиз, 6 январда назорат ўйинимиз бор. Интернет орқали кузатиб боришимиз бўйича ҳозирги кунда Австралияда ҳаво ҳарорати 20—29 даражани ташкил қилмоқда. Жиддий муаммо бўлиши керак эмас.
Рақибларни ўрганиш жараёни қай тарзда кетмоқда?
Жавоб: Ўзим ва ёрдамчиларим орқали гуруҳдаги рақибларимизни ўргандик. Саудиянинг таркиби кучли. Осиёнинг энг яхши футболчиси ҳам ушбу жамоа таркибида ўйнади. Ўйинлар осон бўлмайди, шунга қарамай, биз улардан кучлимиз.
Савол: Server, Осиё кубоги—2011даги таркиб асоси сақланиб қолган ва таркибда Искандеров, Рашидов, Муҳаммадиев каби ёшлар бор. Улар ҳақида фикрингиз қандай?
Жавоб: Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар ҳамиша кўп бўлган. Ишончим комил, уларнинг келажаги порлоқ. Шундай ишлашда давом этса, Осиё кубогининг ўзидаёқ ўзларини яхши томондан кўрсата олиши мумкин.
Савол: Гуруҳ босқичини учта шаҳарда ўтказишимиз қийинчилик туғдиради...
Жавоб: 9 январь куни КХДР билан ўйнаганимиздан сўнг, 10 январь куни эрталаб Брисбанга учамиз. Тикланиш жараёнини ўтказиб, кейинги ўйинга тайёрланишга улгурамиз. Фақат битта биз эмас, барча жамоалар шундай шароитда ўйнайди.
Савол: Ислом Тўхтахўжаев дисквалификация туфайли ўртоқлик ўйинларида майдонга тушмади...
Жавоб: Футболда тез-тез учраб турадиган ҳолат. Ислом ўйин амалиётига эга бўла олмади. Футболчи фақат машғулотда иштирок этиб, ўйинда иштирок эта олмаса, бу футболчи учун осон эмас. У турнирдаги биринчи ўйинни ҳам ўтказиб юборади. Ислом яхши формада. Терма жамоага ёрдами тегади.
Савол: Одил Аҳмедовнинг спорт формаси қандай ҳолатда?
Жавоб: Одил жароҳат туфайли анча вақт ўйнамади. Server ҳам кичик жароҳат олди. Улар индивидуал машғулотларда иштирок этди. Биз қисқа таътилга чиққан бўлсак-да, Аҳмедов ўз ишини давом эттиради. У тикланиш жараёнини ўтказмоқда. Одил мусобақада яхши формага чиқиши керак.
Савол: Терма жамоа олдига қўйилган асосий вазифа нимадан иборат?
Жавоб: Совринли ўринларни эгаллаш. Бу мақсадга босқичма-босқич етиб борамиз. Аввал гуруҳдан чиқиш, кейин чорак финал ўйинида ғолиб чиқиш. Ярим финалга чиқиб олганимиздан кейин иложи борича финалга чиқишга ҳаракат қиламиз. Ушбу мусобақага тайёргарлик давомида катта ҳажмда иш олиб борилди. Улар самара бериши керак. Халқимиз бизни қўллаб-қувватлаб, дуо қилиб турса бўлгани.
Изоҳ (0)