Грециядан Италияга сузиб кетаётганда ёниб кетган Norman Atlantic паромидан 190 киши қутқариб олинди. Паромда яна 287 киши қолмоқда. Бу ҳақда Италия Ҳарбий денгиз кучларининг твиттерида хабар берилмоқда, деб қайд этди «Kun.uz».
Il Fatto Quotidiano Италия газетаси ўз саҳифаларида фалокатга учраган кеманинг қутқарув жилетидаги одамлар ва ёнаётган хоналар акс этган тасвирини чоп этди.
Norman Atlantic паромида ёнғин маҳаллий вақт билан эрталабки соат 6:00 ларда автомобиллар турадиган қаватда бошланган. Греция ҳукумати ёрдам сўраб бошқа давлатларга мурожаат этди. Ҳозирда қутқарув тадбирида Италия ва Албания ҳам иштирок этмоқда.
ОАВ йўловчилар берган маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда, одамлар паромни қутқарув қайиқларида тарк этишга уринаётганлари ҳақида хабар бермоқда. Бироқ ҳаммага ҳам қайиқ етаётгани йўқ. Пастки қават ўт ичида қолган, юқори қаватларда эса электр таъминоти узилган.
Электр таъминоти йўқлиги сабабли қайиқларни сувга туширишга мўлжалланган қурилмалар ишламаяпти, оқибатда қайиқларни сувга туширишнинг имкони бўлмаяпти. Қутқарув тадбирини амалга ошириш ноқулай об-ҳаво шароитлари туфайли қийинчилик билан кечмоқда. Қайд этилишича, кечки пайтга яқин Греция соҳилларида қаттиқ шамол кўтарилган. Шу муносабат билан қутқарув ишларининг аксарият қисми вертолётларда бажарилмоқда.
Паромни буксир ёрдамида олиб кетишга уринишлар ҳам бесамар бўлмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда унга уланган тросс икки марта узилиб кетган. Шунингдек, кема 7 градусга оғгани айтилмоқда. Бу кемага эгалик қилувчи компаниянинг айтишича, бундай оғиш ҳеч қандай хавф солмайди.
Fox News канали маълумотларига кўра, энг камида бир киши кемани тарк этиш илинжида ҳалок бўлган. Кейинроқ бу шахс Греция фуқароси эканлиги маълум бўлди.
Изоҳ (0)